9 январда Лондонда Чеченистон етакчиси Аслан Масхадовнинг вакили Аҳмад Закаев иши бўйича маҳкама жараёни ўтказилиши керак эди.

Лекин Британия ҳуқуқ-тартибот органларига Москвадан жўнатилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш учун қўшимча вақт зарурлиги сабабли бу маҳкама жараёни 31 январга қолдирилди.Маълумки, расмий Москва Закаевни Россияга топширишни талаб қилмоқда.
Россия прокуратураси Закаевни қотилликда, ғайриқонуний қуролли бўлинмалар тузишда, қуролли исёнда иштирок этганликда ва бошқа жиноятлар содир қилганликда айбламоқда. Буюк Британияга декабр ойи бошларида келган Закаев шу ерда ҳибсга олинган ва кейин гаров эвазига қўйиб юборилган эди.
Британия судяси Тимоти Уоркменнинг айтишича, суд Закаев озодликда юришни давом эттириши тўғрисида қарор чиқарган.