Шимолий Корея Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан чиқишини эълон қилди.

Шимолий Корея ахборот воситаларининг хабар беришича, Корея Халқ Демократик республикаси ҳукуматининг қарори 10 январдан эътиборан кучга киради. Мамлакат раҳбарияти шунингдек, ўзини МАГАТЭ, яъни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик мажбуриятларидан холи деб билади.
Америка Қўшма Штатларида шу куни Пхеньяннинг ядровий дастурини ишлаб чиқишни қайта бошлаш тўғрисидаги қароридан кейин Корея ярим оролида вужудга келган бўҳронни муҳокама этиш мақсадида АҚШ ва Корея Халқ Демократик Республикаси вакиллари учрашишлари керак эди.
Буш маъмурияти АҚШнинг БМТдаги собиқ вакили Билл Ричардсоннинг Шимолий Кореянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Хан Сон Рел билан ана шу бўҳрон тўғрисида гаплашишига розилик берганди. Бу учрашув ҳозир Ричардсон губернатор бўлган Нью-Мексико штатида ўтиши лозим эди.