Қароргоҳи Покистонда жойлашган “Афғон исломий пресс” ахборот атгентлигининг хабарларига кўра, бир номаълум афғон гуруҳи АҚШнинг Афғонистондаги қўшинларини ёнилғи билан таъминлаётган тарафларга агар улар бу ишни тўхтмасалар, уларни портлатиб юборишини айтган.

Агентликнинг Покистоннинг Пешавор шаҳридаги ваколатхонасига пашту тилида бир мактуб юборилган. Унда “АҚШ қўшинларини ёнилғи билан таъминлаш харомдир”, дейилади. Гуруҳ ўзини “Толибон ва самимий мўжоҳидлар”, деб атаган. Мактубда, шунингдек, “АҚШ қўшинларига етказилаётган ёнилғи танклар ва учқичлар учун ишлатилмоқда, улар эса мусулмонларга қарши операцияларни олиб борадилар”, дейилади ва агар нефт танкерлари эгалари АҚШ қўшинларини ёнилғи билан таъминлашда давом этсалар, улар ўлимга ҳукм этилишлари айтилади.
Бундан бир ҳафтача олдин ўзини “Мусулмон мўжоҳидлар маҳфий армияси”, деб атаган гуруҳ АҚШнинг Афғонистондаги қўшинларига қарши 50та ҳужумни уюштирганлигини тан олиб, келажакда ҳам айни фаолиятни давом эттириш ниятида эканини билдирган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, ўтган дам олиш кунлари Афғонистонда АҚШ қўшинлари базасига ракетадан ҳужум қилинган. Америкалик аскарлар орасида қурбонлар йўқ.