Шимолий Корея раҳбарияти бугун ядровий бўҳронни дипломатик йўллар билан ҳал этишга қаратилган уринишлар давом этар экан, айни вақтда АҚШ билан бевосита музокаралар бошлаш кераклигини таъкидлади.

Ўтган ҳафта Шимолий Корея ядровий қуролларни тарқатмаслик ҳақдаги халқаро битимдан чиққан ва ядровий қурол синовларини қайта бошлаши мумкинлигини билдирган эди. Бу ҳаракат халқаро ҳамжамият ташвишларига сабаб бўлди.
АҚШ раҳбарияти эса Шимолий Корея билан “музокаралар” эмас, балки “сўзлашувлар” олиб боражагини билдирди.
Шимолий Кореянинг давлатга қарашли Марказий ахборот агентлиги бўҳронга фақат АҚШ билан бевосита музокаралар олиб бориш орқали чек қўйиш мумкинлигини таъкидлади.
Айни вақтда АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Жеймс Келли Сеулда Жанубий Корея расмийлари билан ҳозирги вазиятни муҳокама қилаётир. Бугун кечқурун у айни мақсад билан Пекинга боради.
БМТ вакили эса бугун Пекиндан Пхеньянга учди. Мауриц Стронгнинг ташрифидан мақсад Шимолий Кореядаги қийин иқтисодий аҳвол ва уни яхшилаш учун мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш масаласини муҳокама этишдир.
Шимолий Корея атрофидаги бўҳрон октябр ойида Пхеньян расмийлари ядровий қурол ишлаб чиқариш ишларини олиб бораётганларини маълум қилганларидан сўнг бошланган эди. 1994 йилда Шимолий Корея Вашингтон билан ядровий реакторларни тўхтатиш ва бунинг эвазига АҚШдан нефт олиш ҳақда шартномани имзолаган эди. АҚШ тахминларига кўра, Шимолий Корея ҳозирда эгалик қилаётган икки ядровий бомбага қўшимча равишда янги замонавий бомбалар ишлаб чиқармоқчи.
АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл Шимолий Кореянинг ядровий қурол ишлаб чиқариш қобилияти авж олмаслиги учун янги механизм ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлади.
“1994 йилда АҚШ президенти Билл Клинтон маъмурияти ва Пхеньян ўртасида имзоланган шартнома Шимолий Кореяга ядровий қалпоқчалар ишлаб чиқариш имконини қолдирмади, бироқ шартнома унинг ядровий қурол ишлаб чиқариш қобилиятига таъсир қилмаган”, деб таъкидлади АҚШ расмийси.