Россия президенти Владимир Путин бугун Москвада Покистон президенти Первез Мушарраф билан учрашди ва халқаро сиёсатнинг энг долзарб мавзулари билан биргаликда икки томонлама муносабатларни ҳам муҳокама қилди.

Музокаралар бошида Путин Мушаррафнинг Россияга ташрифи мамлакатлараро иқтисодий ва сиёсий муносабатларнинг ривожланишига янги туртки беради, деб умид билдирди.
Учрашув давомида икки президент эътиборни Афғонистондаги вазият, Ироқ бўҳрони ва Яқин Шарқ можароси билан бир қаторда Покистоннинг Ҳиндистон билан Кашмир устидаги низосига қаратдилар.
Учрашувдан сўнг президент Мушарраф музокаралар “самарали ва очиқ” бўлганини айтиб, Покистон ва Россия муносабатларида янги давр бошланди, деди ва президент Путинни Покистонга таклиф қилди.
Учрашув натижасида қатор ҳужжатлар, шу жумладан наркотиклар контрабандаси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилиш ҳамда маълумот билан алмашиш ҳақидаги шартнома имзоланди.