Чеченистоннинг Москва тарафдори бўлмиш ҳукумати Бош вазири Михаил Бабич бугун ўзининг истеъфога чиққанини эълон қилди.

Интерфакс ахборот агентлигига Бабич Бош вазир лавозимидан бошқа лавозимга ўтаётганини айтган, бироқ бундай қарор сабаблари ҳамда бошқа тафсилотларни ошкор этишдан бош тортган.
Уч кун олдин Чеченистон маъмурияти раҳбари Ахмад Қодиров янги бош вазир тайинлаш ниятини билдирган эди. Икки сиёсатчи Чеченистонни қандай бошқариш масаласида келиша олмаганлар.
Интерфакснинг хабарига кўра, Россиянинг Чеченистон бўйича вазири Станислав Ильясов бугун Грознийда Қодиров билан учрашиб, янги бош вазир номзодини муҳокама қилиши керак.
Чеченистон маъмуриятидаги мубоҳасалар 23 март куни Чеченистон янги конституцияси юзасидан бўлиб ўтадиган референдум олдидан авж олмоқда.