Арманистонда бугун президент сайловлари бўлиб ўтмоқда.

Ереван вақти билан соат 16:30, Тошкент вақти билан соат 17:30га қадар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 2 миллион 300 минг арманистонликнинг 43 фоизи сайлов участкаларига бориб, овоз берган. Сайловлар 200 нафар халқаро кузатувчи назоратида бўлиб ўтмоқда.
Президентликка номзодларнинг бари сайланишга умид қилаётганларини билдиряптилар. Президент Роберт Кочарян саккиз нафар бошқа номзод устидан ғалаба қозонишига ишонишини айтди. Ташқи ишлар вазири Вартан Осканян Кочарян кўпчилик овозни олишга муваффақ бўлади, деб башорат қилди. Бироқ Кочаряннинг асосий рақиби бўлмиш Степан Демирчян сайловларнинг биринчи босқичида ғалаба қозониши мумкинлигини таъкидлади. Яна бир номзод – Арташес Гегамян Кочарян сайловларда ғолиб чиқа олмаслигига ишончи комиллигини айтди.
Мухолифат партияларидан президентликка номзодларнинг бир овоздан таъкидлашларича, иқтидордаги президент Кочарян сайловлар натижаларига таъсир қилишга уринади. Бироқ Кочаряннинг ўзи сайловлар очиқ ва адолатли бўлишини ваъда қилган.
Сайловларнинг биринчи натижалари бугун кечқурун эълон қилинади.