Филиппин жанубидаги Давао шаҳрида, аэропорт яқинида портлаш юз берди.

Натижада камида 19 киши нобуд бўлган. 100дан зиёд одам жароҳатланган. Нобуд бўлганлар орасида камида 1 АҚШ фуқароси бор.
Маҳаллий полиция портлаш йўловчиларнинг кутиш залида юз берганини маълум қилмоқда. Бомбада қандай турдаги портловчи модда қўлланилгани, бу акт учун ким жавобгарлиги ҳали номаълум. Филиппин президенти Глория Арройо ҳодисани террорчилик акти, деб атади ва “жавобгарлар жазосиз қолмайдилар”, деди. Унинг маълум қилишича, “ушбу қотилликни уюштирганликда гумон қилинаётган бир неча киши полиция томонидан сўроқ қилинмоқда”.
Филиппин пойтахти Маниладан 1000 километр нарида жойлашган Давао Минданао оролининг энг йирик шаҳри бўлиб, унинг аҳолисини асосан насронийлар ташкил этади.
Филиппинда рўй берган яна бир ҳодиса: Давао яқинидаги Тагум аҳоли пунктида, автобус станциясида портлаш юз берган. Натижада 3 киши жароҳатланган.