Бугун Бағдодни бомбардимон қилиш қайта бошланди. Айни пайтда, Ироқнинг Нассирия ва Басра шаҳарлари атрофида жанглар давом этмоқда.

Мухбирлар Нассирия яқинида 30дан ортиқ ироқликнинг жасадини кўришишганини ва улар Америка учқичларининг ҳаво ҳужумлари оқибатида нобуд бўлган бўлиши мумкинлигини билдирдилар.
Ироқ Ахборот вазири Муҳаммад Саид ас-Саҳаф Нассирия ва Басра ўртасидаги Мутанна вилоятида Ироқ кучлари Америка ëки Британиянинг саккиз нафар аскарини отиб ўлдиргани ва колиция кучларига бошқа талафотлар етказганини маълум қилди.
“Кеча тунда ва бугун эрталаб Мутанна вилоятида юз берган шиддатли жанглар давомида Ироқ аскарлари 30га яқин танк, зирҳли машиналарни йўқ қилди ва Американинг учта вертолëтини уриб туширди”, - деди Муҳаммад Саид ас-Саҳаф.
Ироқ Ахборот вазирига кўра, кеча тунда Бағдод бомбардимон қилингани оқибатида 16 одам нобуд бўлган ва 95 киши яраланган.
Талафотлар ҳақидаги ушбу маълумотлар мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ.
Ал-Жазира телевидениеси коалиция кучлари кеча тунда Ироқнинг Басра шаҳрига ҳам ҳаво ҳужумлари қилганини билдирди. Хабарларда айтилишича, бу шаҳарда озиқ-овқат ва ичимлик суви танқислиги бошланган. Халқаро ташкилотлар Басра шаҳри аҳолиси гуманитар бўҳронга учраëтгани ҳақида огоҳлантирмоқдалар.