Лондонда жойлашган “Халқаро амнистия” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ироқдаги уруш баъзи ҳукуматларга инсон ҳуқуқларини янада кўпроқ топташ имконини берди, деб огоҳлантирди.

Ташкилотнинг қайд этишича, 10 кун олдин Ироқда уруш бошланганидан буён жаҳоннинг 14 мамлакатида инсон ҳуқуқларига оид вазият ёмонлашган.
Бу мамлакатлар орасида Белгия, Британия, Дания, Миср, Германия, Греция, Иордания, Норвегия, Испания, Судан, Швеция, Туркия, Яман ва Америка Қўшма Штатлари бор.
20 мартдан буён миллионлаб одамлар урушдан норозилик тариқасида кўчаларга чиқдилар. Етти мамлакатда полициянинг уларга нисбатан куч ишлатгани қайд этилди. “Намойишчилар орасида ўлганлар, калтакланганлар ва қийноққа солинганлар бор”, дейилади “Халқаро амнистия” ташкилоти баёнотида.