АҚШ ҳарбийлари бугун эрталаб Бағдоддан 80 км жанубда жойлашган Карбала шаҳри атрофида АҚШ қўшинлари ва Ироқнинг республикачилар гвардияси ўртасида тўқнашувлар бошланганини маълум қилдилар.

Бу, Бағдод учун АҚШ қўшинлари ва Ироқнинг сараланган кучлари ўртасидаги биринчи жанг ҳисобланади. АҚШ ҳарбийлари, коалиция кучлари Бағдод томон ҳаракатлангунича Ироқ гвардиячилари йўқ қилиниши кераклигини айтдилар.
Кеча кучқурун АҚШ ҳаво кучлари Карбала атрофида Ироқ гвардиячилари эгаллаган позицияларни бомбардимон қилди.
Чоршанбага ўтар кечаси Бағдод марказида яна бир нечта портлаш юз берди. Журналистлар, Ироқнинг президентлик саройларидан бири ракета ҳужумига учраган бўлиши мумкинлигини айтдилар.
Вашингтонда АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд, Саддам Ҳусайн режими шартсиз таслим бўлган тақдирдагина Ироқ уруши тўхташи мумкинлигини айтди. Рамсфелд Ироқ режими билан ҳеч қандай сўзлашувлар олиб борилмаётганини сўзига қўшимча қилди.
Қуролли кучлар штаби бошлиғи генерал Ричард Майерс Ироқ кучлари билан жиддий тўқнашувлар аллақачон бошланганини маълум қилди. У сўзига қўшимча қилиб, коалиция қўшинлари тайёргарлик ишларини тугатиши билан кенг кўламли ҳужумга ўтилишини билдирди.
Бағдодда телевидение орқали ўқиб эшиттирилган мурожаатида Ироқ лидери Саддам Ҳусайн халқни босқинчиларга қарши муқаддас урушга даъват қилди.