Афғонистон ҳукумати қўшинларининг беш аскари мамлакат шарқидаги Жалолобод ҳарбий базасида юз берган портлаш оқибатида яраланди.

Бугун маълум бўлишича, Афғонистон лидери Хамид Карзайнинг яқин сафдоши Хожи Жилоний пайшанба куни мамлакат жанубида ўлдирилган. Ўрузгон вилояти ҳокимидан олинган хабарга кўра, Жилоний ва унинг жиянини Қандахордан шимолдаги Доруд қишлоғида номаълум шахслар отиб кетганлар.

Хожи Жилоний толиблар режимига фаол қаршилик кўрсатган диний арбоблардан бири эди.

Афғонистон расмийлари, қотиллик толиблар иши бўлиши мумкин, деб гумон қилмоқдалар.