Сербия Ички ишлар вазири Душан Михайлович полиция Бош вазир Зоран Жинжич ҳаётига 12 март куни қилинган суиқасд жумбоғини ечганини маълум қилди.

Белград расмийсининг айтишича, қотилликни уюштирганлар ва амалга оширганларнинг аксарияти қамоқда. Бироқ, маълумотларга кўра, жиноятчиларнинг раҳбари - собиқ уруш қўмондони Милорад Лукович ҳамон қўлга туширилмаган.
Жинжич ўрнига Бош вазир этиб тайинланган Зоран Живкович Жинжич ўлимига нафақат жиноий гуруҳлар, балки собиқ ва иқтидордаги сиёсатчилар аралашган бўлишлари мумкинлигини айтди.
Бундан ташқари Живкович уруш жиноятчиларининг барини қўлга туширишни ваъда қилиб, бу йўл орқали Хаага трибунали олдидаги мажбуриятларни бажариш лозимлигини айтди.
Живковичнинг таъкидлашича, армиядаги баъзи шахслар, шу жумладан собиқ серб қўмондони генерал Ратко Младич уруш жиноятчиларини ҳимоя қилаётган бўлишлари мумкин. Бироқ разведка хизматига янги раҳбар ва янги мудофаа вазирининг тайинланиши Живковичга ҳарбийлар устидан тўла назоратни ўрнатиш имконини берди.