Туркманистон ҳукумати кечаги референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг деярли 100 фоизи қатнашганини таъкидламоқда.

Марказий сайлов қўмитаси матбуот вакили сайловлар давомида қонунбузарликлар кузатилмагани, сайловлар барча мезонларга кўра ўтказилганини айтди.
Қўмита бераётган маълумотга кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 2,4 миллион туркманистонликдан 99,8 фоизи кеча сайлов участкаларига бориб, 65 ўринлик “Халқ маслахати”, деб номланган миллий кенгаш аъзоларини сайлаган.
Ушбу кенгаш одатда йилига бир марта йиғилади ва ҳукуматнинг умумий сиёсати йўналишларини муҳокама қилади.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари сайлов жараёнини кузатишга таклиф этилмадилар. Ташкилот раҳбарияти сайловлар очиқ ва адолатли бўлганидан шубҳаланмоқда.