Ироқ шимолида курд отрядлари иттифоқчи қўшинлар ёрдамида ҳеч қандай қаршиликка учрамай Киркўк шаҳрига кирдилар.

Америка танклари Мосул шаҳри томон ҳаракатланаяптилар. Курдлар Мосул шаҳри учун жанг қилмоқдалар.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари қўшинлари Тикрит шаҳрини олиш учун ҳужумларни давом эттирмоқдалар.
Тикрит - Саддам Ҳусайн туғилган шаҳардир. Баъзи маълумотларга кўра, Ҳусайн агар бомбардимонлар пайтида нобуд бўлмаган бўлса, шу шаҳарда яширинган бўлиши мумкин.
Америка денгизчи-пиёда аскарлари Тикритдаги саройлардан бирини эгалладилар. Ироқликлар чор атрофдаги барча бинолардан ўт очиб, қаршилик кўрсатмоқдалар. АҚШ ҳарбий вакили генерал Виктор Ренуар Тикрит остоналаридаги АҚШ ҳарбийлари шаҳарни олиш учун озлик қилади, деб баёнот берди.
Кечадан буён коалиция ҳарбийлари қўлида бўлган Бағдоддаги масжидлардан бирининг ёнида бугун жанг бўлиб ўтди. Бир денгизчи-пиёда аскар нобуд бўлди, 20 нафар ҳарбий яраланди.