Бугун Тошкентда Европа Тикланиш ва Тараққиëт Банкининг йиллик йиғини бошланди.

Учрашувда президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар қийноққа солинаëтганини тан олиши ва қоралаши кутилаëтган эди. Аммо Каримов Ўзбекистон мустақиликка эришганидан бери иқтисодий ва сиëсий соҳаларда қўлга киритилган ютуқларни тилга олди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилмоқда, деган маълумотлар Европа Тикланиш ва Тараққиëт Банки вакиллари ва бошқа расмийларнинг хавсаласини пир қилмоқда. Британия Тараққиëт вазири Клар Шорт президент Каримовни Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар систематик равишда қийноққа солинаëтгани таъкидланган БМТ ҳисоботини эътироф этишга ва аҳволни тузатишга чақирди.
Учрашувда чиқиш қилган Human Rights Watch ташкилотининг ижроия директори Кеннет Рот Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари кўрсаткичини, шунингдек, ўтган йилда Ислом Каримовнинг президентлик муддати, унинг ибораси билан айтганда, соҳта референдум орқали узайтирилганини танқид қилди.

Ротга кўра, Ўзбекистон мазкур банк томонидан тавсия этилган сиëсий ва иқтисодий ислоҳотларни ўтказмаган. Европа Тикланиш ва Тараққиëт Банки сиëсий ва иқтисодий ислоҳотлар олиб бориш шарти билан собиқ коммунист давлатларига қарз беради.