Теҳрон ҳукумати Россияга Эронда янги атом электр станциялари қурилишида иштирок этишни таклиф этди.

Москвага ташриф буюрган Эроннинг Атом энергияси бўйича идораси раҳбари Ғулом Ризо Оғазода бу ҳақда журналистларга маълум қилди. Оғазоданинг таъкидлашича, Теҳрон Россия кўмагида Бушердаги атом станциясидан бошқа яна бир нечта АЭС қуриш ниятида. Олдинроқ, АҚШ ҳукумати Россияни ядровий соҳада Эрон билан ҳамкорлик қилмасликка чақирган эди. Теҳроннинг ядровий технологиялардан оммавий-қирғин қуроллари ишлаб чиқаришда фойдаланиши мумкинлиги Вашингтонни ташвишлантирмоқда.