АҚШ президенти Жорж Буш билан Африка бўйлаб сафар қилаётган миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи Кондолизза Райс Америка матбуотидаги маълумотларни инкор этиб, Марказий разведка бошқармаси Бушнинг январги нутқини азалдан қўллаб-қувватлаганини таъкидлади.

ОАВдаги хабарларга кўра, ўтган январда Марказий разведка бошқармаси Ироқ Африкадан уран моддасини сотиб олмоқчи бўлгани ҳақидаги гапни президент Жорж Буш баёнотидан олиб ташлашни тавсия қилган, бироқ Оқ Уй расмийлари тавсияга риоя қилмаганлар.
АҚШ телеканаллари томонидан берилаётган маълумотга кўра, Оқ Уй президент Буш ўз нутқида Британия разведкаси маълумотларига таянгани боис, унинг чиқиши нотўғри бўлмаслигини таъкидлаб, Марказий разведка бошқармаси маслаҳатига қулоқ солмаган.
Оқ Уй шу ҳафта бошида Буш баёнотига асос бўлган маълумотлар ишончли бўлмаганини тан олган ва президентнинг январги нутқига бу маълумотларни киритиш нотўғри бўлганини қайд этган эди.