Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Стро Ироқ Африкадан уран моддасини сотиб олишга урингани ҳақдаги маълумот тўғри бўлганини таъкидлади ва АҚШ Марказий разведка бошқармаси маълумотни шубҳали, деб ҳисоблаганини асоссиз, дея баҳолади.

Стронинг айтишича, ушбу маълумотни Британия разведка хизмати қўлга киритган ва АҚШ билан ўртоқлашмаган.
Бундан олдин Нигерияга ташриф буюраётган АҚШ президенти Жорж Буш Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жорж Тенет унинг ишончини йўқотмаганини таъкидлаган эди.
“Мен Жорж Тенетга ишонаман. Мен Марказий разведка бошқармасида ишлайдиган эркак ва аёлларнинг барчасига ишонаман ва улар билан террорчиликка қарши курашда биргаликда ишлашда давом этаман”, - деди президент Буш.
Жорж Тенет Ироқ Африкадан уран моддасини сотиб олишга урингани ҳақдаги маълумот шубҳали бўлгани боис, уни Бушнинг январги баёнотидан олиб ташлаш кераклигини кеча эътироф этган ва воқеа учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.
Оқ Уй шу ҳафта бошида президент нутқига ишончли бўлмаган маълумотларни киритиш нотўғри бўлганини қайд этган эди.
Демократлар партияси вакиллари бу масала юзасидан мустақил текширув ўтказишни талаб қилиб, Оқ Уй Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлашдан олдин Саддам Ҳусайн режими жаҳон ҳамжамияти учун таҳлика бўлган ёки бўлмаганига ёруғлик киритишга даъват этмоқдалар.
Британияда кўплаб сиёсатчилар Бош вазир Тони Блэрни Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатларни асоссиз бошлагани учун кескин танқид қилишмоқда.