Бугун Ироқнинг янги бошқарув кенгаши ташкилий масалаларни ҳал этиш учун учта қўмита ташкил қилди.

Кенгаш раисини сайлаш бошқа кунга қолдирилгани билдирилди.

Кеча ташкил этилган мазкур кенгаш вазирликка номзодларни тавсия қилади, қонунлар ишлаб чиқади, давлат бюджетини қабул қилади. Аммо Ироқдаги Америка фуқаролик маъмурияти раҳбари Пол Бремер бошқарув кенгаши қарорларини бекор қилиш салоҳиятига эга.
Айни пайтда, халқаро ҳамжамият янги Ироқ бошқарув кенгаши ташкил этилганига турлича муносабат билдирмоқда.
Европа Иттифоқи ушбу бошқарув кенгашини мустақил Ироқ ҳукуматини ташкил қилиш йўлида қўйилган мухим қадам, деб баҳолади.
Араб Лигаси агар Ироқ бошқарув кенгаши аъзолари АҚШ расмийлари томонидан тайинланмасдан, Ироқ халқи тарафидан сайланганда эди, мақсадга мувофиқ бўларди, деб баëнот берди.
Россия ҳукумати янги Ироқ бошқарув кенгаши билан ҳамкорлик қилишга тайëр эканини маълум қилди.