Шимолий Кореянинг ядровий бомба ишлаб чиқариш учун етарли плутоний моддасига эгалиги АҚШ маъмурияти хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Оқ Уй матбуот котиби Скотт МакКлеллан буни қайд этар экан, АҚШ ҳукумати, ушбу маълумот тўғри ёки нотўғрилигидан қатъий назар, Шимолий Кореянинг ядровий дастурига чек қўйиш мақсадида Хитой, Япония ва Жанубий Корея билан ҳамкорлик қилишда давом этажагини таъкидлади:
- Шимолий Кореянинг иккита имкони бор. Бири ўз баёнотлари орқали жаҳон ҳамжамиятидан тобора ажралиш бўлса, иккинчиси - ядровий дастурга чек қўйиб, кўп томонлама муҳокамаларда қатнашиш ва халқаро ҳамжамият аъзоси сифатида барча имкониятлардан фойдаланишдир, - деди Оқ Уй расмийси.
Бугун Хитой Ташқи ишлар вазири Ли Жаосин ва АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл телефон орқали Шимолий Корея масаласини муҳокама қилдилар. Суҳбат тафсилотлари ҳозирча номаълум.