Туркманистоннинг Арманистондаги элчиси ўз лавозимидан бўшатилди.

Мухолифатга қарашли интернет-сайтга кўра, у Туркманистонга қайтишни хоҳламаган.
Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги хорижий ҳукуматларга мурожаат қилиб, 32-ёшлик Тойли Қурбоновнинг дипломатик паспорти қонунийлигини йўқотганини билдирган.
Қурбонов ҳозирда қаердалиги номаълум, бироқ мухолифатга қарашли “гундогар.орг” веб-саҳифасида у Ташқи ишлар вазирлигининг Туркманистонга қайтиш ҳақдаги буйруғига риоя қилмагани маълум қилинмоқда.
Шундай қилиб, сўнгги 2 йил ичида Туркманистоннинг беш нафар элчиси хорижда қолишни ватанга қайтишдан афзал кўрди.
Шу йил бошида Туркманистоннинг Британиядаги элчиси Чори Бобоев Туркманистонга қайтишни хоҳламаган эди.
2001 йилда собиқ ташқи ишлар вазири, Хитойдаги элчи Борис Шихмуродов ҳам айни шундай қарор қабул қилган.
2002 йил бошида Туркманистоннинг Туркия ҳамда Бирлашган Араб Амирликларидаги элчилари ҳам ватанга қайтмасликларини маълум қилганлар.