Исроил Бош вазири Ариэл Шарон ўзининг Вашингтон сафарини давом эттирмоқда.

Бугун у АҚШ вице-президенти Дик Чейни билан учрашади.
Кеча АҚШ Президенти Жорж Буш билан музокаралари чоғида Шарон Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида чегара бўйлаб тўсиқ қуриш ишлари давом эттирилишини баён қилди. Исроил раҳбарига кўра, бундай тўсиқ фаластин террорчиларининг Исроил худудларига ўтишлари олди олинишида муҳим рол ўйнайди. Кузатувчилар фикрича, Исроилнинг бу режасини танқид қилиб келган Вашингтон, эндиликда Шарон ҳукуматига етарли босим қила олмаяпти. Исроил Бош вазири билан музокаралари чоғида АҚШ Президенти Жорж Буш: "Йўл харитаси" Яқин Шарқ тинчлик режасида кўзда тутилган мустақил Фаластин давлатининг барпо этилиши ва минтақада узоқ муддатли хавфсизлик таъминланиши террорчи гуруҳларнинг Исроилга ҳужумлари ва зўравонликлар тўхтатилишига бевосита боғлиқ", - деб таъкидлади.