Жаҳон банки Ироқдан ўз вакилларини чақиртириб олмоқда.

Бу чоралар хавфсизлик нуқтаи назаридан кўрилаётгани айтилмоқда. Сешанба кунги БМТ ваколатхонасида содир этилган портлашга қадар, Бағдодда Жаҳон банкининг 15 вакили фаолият олиб борган. Портлаш содир этилган пайтда, банкнинг аксар ходимлари БМТ ваколатхонасида бўлишган. Натижада уларнинг икки нафари яраланган, бир ходим эса бедарак йўқолган.
Жаҳон банки Ироқдаги фаолиятини эндиликда Иордания пойтахти Аммонда давом эттириши айтилмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси ҳам Бағдоддаги БМТ ваколатхонаси қошида офис очган эди. Портлашдан оқибатида жамғарманинг тўрт ходими жароҳатланган. Ҳозир бу ходимлар эвакуация қилинган. Жамғарманинг Ироқдаги кейинги фаолияти муҳокама қилинмоқда.