Туркманистон газетасининг бугун маълум қилишича, президент Сапармурот Ниёзов терроризмга қарши курашни олиб бориш мақсадида янги давлат қўмитасини таъсис этиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Аксил-террор кураш ҳақидаги қонун ўтган ҳафта Халқ Маслаҳати йиғинида қабул қилинган эди.

Янги тузилган қўмита вазифалари жумласига терроризм сабабларини аниқлаш ва уларни йўқ қилишга қаратилган давлат органлари ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳамда эҳтимолий террор ҳужумларига тайёргарлик кўриш кабилар киритилган.

Газетада ёзилишича, “Туркманистон ҳеч қачон террорчиларнинг маҳбусларни озод этиш, уларга қурол ёки пул бериш каби ҳукуматга қарши қаратилган талабларини бажармайди”.

Туркманистон ҳукумати ўтган йил ноябр ойида амалга оширилган президент ҳаётига суиқасд қилишга уринишни террорчилик акти, дея қайд этган.