Бугун Қирғизистон президенти Асқар Ақаев Москвага борди.

Тўрт кунлик ташрифдан мақсад Қирғизистон ҳудудида МДҲнинг аксил-террор базасини тузиш ҳақдаги расмий шартномани имзолашдан иборатдир.
Ақаев билан Москвага борган Мудофаа вазири Эсен Топоев россиялик ҳамкасби Сергей Иванов билан 400-500 россиялик аскар ва 12 та ҳарбий учқични Бишкек яқинидаги Қант авиабазасида жойлаштириш ҳақидаги шартномани имзолайди.
Бу билан 1998 йилдан буён биринчи бор Россия аскарлари Қирғизистонда жойлаштирилади.
Қант авиабазасида, шунингдек, МДҲ доирасидаги Муштарак хавфсизлик шартномасини имзолаган бошқа давлатлар қўшинларининг жойлаштирилиши кўзда тутилган.
Ташриф давомида Асқар Ақаев Москвада Қирғизистонга бағишланиб ўтказилаётган маданий тадбирда иштирок этади.