Латвияда сайлов комиссиясининг билдиришича, шу дамгача овоз бериш ҳуқуқига эга латвияликларнинг 54 фоизи сайлов участкаларига чиқиб, овоз беришга улгурган.

Бугун Латвияда мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши масаласи бўйича умумхалқ референдуми ўтказилмоқда.
Президент Вайра Вике-Фрайберга бугун эрта тонгда пойтахт Ригадаги сайлов участкасига бориб, овоз берди ва ўз ватандошларини саволга “ҳа”, деб жавоб беришга даъват этди. У, шунингдек, ўтказилаётган референдум ҳақида мана бундай деди:

- Латвия учун Иккинчи Жаҳон уруши оқибатларига якуний нуқта қўйиш имкони бу. Бу, шунингдек, 1939 йили имзоланган Молотов-Риббентроп пактига кўра иккига ажралган Европани бирлаштириш имконидир. Айни вақтда бу биз учун Европа саҳнасида ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш имконидир.

Латвия президенти башоратига кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга латвияликларнинг 62 фоизи масалани қўллаб-қувватлайди.
Айрим латвияликлар Брюссел, худди совет даврида Москва каби, улар билан ҳисоблашмаслигидан хавотирда. Европа Иттифоқига қўшилиш тарафдорлари эса бу хавотирлар асоссиз эканини таъкидлашмоқда.
Латвия Европа Иттифоқига 2004 йил май ойида қўшилиши кутилаётган 10 давлатдан биридир.