Ироқда бомба йўқ, топилмайди ҳам

Фарангис Саид АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий операцияларни давом эттириш учун Конгрессдан қўшимча 87 миллиард доллар маблағ сўраган. Улардан 600 миллиони, Буш режасига кўра, Ироқда оммавий қирғин қуроллари қидирувини давом эттириш учун сарфланади.
Буш маъмурияти Ироқда биологик, кимёвий ва ядровий қурол топиш йўлида шу кунга қадар 300 миллион долларни ишлатиб бўлди. Лекин қурол топилмади.

2 октябр куни Дэвид Кей Сенат ва Намоёндалар Палатаси вакилларига Ироқдаги қидирув ишлари бўйича ҳисобот берди. Илгари БМТ инспекторлари гуруҳи аъзоси бўлган Кей ҳозирда АҚШнинг Марказий Разведка Бошқармаси қошида тузилган 1200 мутахассисдан иборат Ироқ Инспекторлари гуруҳини бошқармоқда.

Ўз чиқишида Дэвид Кей уруш тугаганидан 6 ой ўтиб ҳам Ироқда оммавий қирғин қуроллари топилмаганини тан олди:

- Биз шу кунга қадар ҳақиқий маънодаги оммавий қирғин қуролларини топмадик. Лекин бу қуроллар йўқлигини англатмайди. Бу фақат бир нарсани – ҳозирча килиниши лозим бўлган ишлар ҳали кўп бўлган улкан мамлакатда қуроллар топилмаганини англатади, холос.

Шундай дер экан Кей, Саддам Ҳусайн даврида мамлакатда оммавий қирғин қуроллари устида иш олиб борилганини исботловчи далиллар қўлга киритилганини айтди:

- Биз қуроллар дастури устидаги фаолият давом эттирилгач, катта иншоотни топдик. Ироқ ҳукумати БМТ инспекторларини ўтган йил ноябр ойида мамлакатга қайтганида объект ҳақида хабардор қилмаган. Топилган иншоотда кимёвий ва биологик қуроллар ҳамда ракеталар устида иш олиб борилганидан дарак берувчи ускуналар бор.

Саддам ҳукумати ядровий қурол устида иш олиб борган-бормагани ҳақидаги саволга Дэвид Кей бунинг далиллари ҳали топилмаганини маълум қилди.

Сенатдаги Разведка Қўмитаси раиси, Республикачилар партияси намоёндаси Пэт Робертс, Кей чиқишидан ҳафсаласи пир бўлганини айтади:

- Мен бугун эшитганларимдан қониқмадим. Аммо биз кутиш ва натижада нима бўлишини кўриш тактикасини танлашимиз лозим. Бу олдимиздаги ягона муқобил йўлдир. Ҳали қилинадиган ишлар кўп. Келаси бир-икки ой ичида конкрет натижаларга эришилади, деб умид қиламан.

АҚШ ва Европа армияларида разведкачи бўлиб хизмат қилган ва АҚШ Марказий Разведка Бошқармасида ишлаган истеъфодаги генерали Эдвард Аткинсон, Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Президент Бушнинг Конгрессдан 600 миллион доллар сўрагани ҳақида гапириб, ҳатто Бош Котиб Кофи Аннан БМТдан бунча маблағ сўрай олмаслигини айтади:

- Агар Кофи Аннан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бюджетига маблағ ажратувчи тарафларга мурожаат қилиб, қидирув ишлари учун 600 миллион доллар ажратишни сўраганида, Ню-Йоркдагилар унинг устидан кулган бўларди. Бироқ ҳозирги вазият шундай-ки, АҚШ маблағ сўраяпти, биз эса унга беряпмиз.

Шундай дер экан, Аткинсон Буш қидирув ишларини фақат ўз обрўсини сақлаб қолиш учун олиб бормоқчи, деган фикрни билдиради ва агар уруш бошланишидан олдин ва уруш давомида Ироқда оммавий қирғин қуроллари, хусусан ядровий қурол бўлгани исботланса, Буш нуфузини қайта тиклаш мумкинлигини айтади.

Вашингтондаги “Като” тадқиқотлар институти Вице-президенти Тед Гален Карпентер АҚШ инспекторлари шу вақтгача қуроллар мавжудлигини исботловчи ҳеч қандай далил топмаганидан сўнг ҳам қидирув ишларини давом эттиришга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайди:

- Мен “Ироқда ядровий қурол бор эди”, деган бирор мутахассисни билмайман. Шу сабабдан маблағни оммавий қирғин қуролларини топиш учун сарфлаш – исрофгарчилик бўлади, деб ҳисоблайман.

Тед Карпентер фикрича, Ироқда ядровий дастур устида ишлар олиб борилгани далиллари топилган тақдирда ҳам, тадқиқотларнинг илк босқичда бўлгани аниқланади, ҳеч қандай бомба топилмайди. “Бу эса, - дейди мутахассис, - Саддамнинг кўпгина бошқа давлат ҳукуматларидан фарқи бўлмагани, яъни у мавжуд имконлардан фойдаланиб, ўз арсеналига ядровий қуролни ҳам киритмоқчи бўлганини англатади, холос”.