Ироқ учун янги пул: доллар, евро ё динорми?

Фарангис Саид АҚШ ёрдамида тузилган Ироқ Бошқарув Кенгаши қарорига кўра, 15 октябрдан бошлаб эски пул - динор муомаладан чиқарила бошлайди. Унинг ўрнига Ироқда янги валюта жорий этилади. Иқтисодиёти ислоҳ қилинаётган ва халқаро ҳамжамият билан чуқур алоқалар ўрнатиш арафасида турган мамлакат учун пул ва молия тизими ислоҳоти жуда катта аҳамиятга эгадир.
Расмийларга кўра, эски валюта ўрнига янгисини киритиш уч ой вақт талаб қилади. Уч ойдан сўнг Саддам Ҳусайн расми туширилган эски динорлар муомаладан батамом чиқарилади.

Мутахассислар бу ўзгартиришни қайси йўл билан амалга ошириш хусусида баҳслашмоқдалар. Аксарият собиқ коммунист давлатлари каби, Ироқда ҳам “шок терапия”си ўтказилиши керакми ёки ислоҳотлар босқичма босқич амалга оширилиши тўғри бўладими? Ироқ янги валютаси динор бўлиб, у мустақил бўладими ёки мамлакатда АҚШ доллари ёҳуд евро муомалага киритилиши зарурми?

АҚШнинг Жонс Хопкинс Университети профессори, ўз вақтида Босния, Черногория, Косово ва Болгарияда ўтказилган молиявий ислоҳотлар бўйича маслаҳат берган иқтисодчи Стив Ханке Ироқ янги валютаси мустақил бўлмай, хорижий валютага “боғланиши” керак, деб ҳисоблайди:

- Ҳозирда Европа пул иттифоқига қўшилишга тайёр турган собиқ коммунист давлатларига назар ташласангиз, улар орасида Эстония, Литва ва Болгария бошқалардан анча ўзиб кетганини тушунасиз. Бунинг сабаби шундаки, коммунизм ағдарилганидан сўнг ушбу мамлакатлар ўз валютасини еврога “боғлаш”га қарор қилганлар.

Ханке фикрича, Ироқ миллий валютаси динор ҳам ё доллар, ёки еврога “боғланиши” керак. Бунга муқобил йўл сифатида мутахассис миллий валютани умуман йўқ қилиб, Ироқда муомалага шу икки хорижий валютадан бирини киритишни таклиф этади.

Бундай таклифга қарши чиқаётган мутахассислар ҳам йўқ эмас. Улардан бири – Германиянинг Дойче Банки тадқиқотчиси Вернер Бекердир:

- Ироқ иқтисодиётида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар талайгина. Шу боис ҳозирда миллий валюта алмашувини бекор қилиш қийин бўлади. Менимча, энг яхши йўл – Ироқда миллий валютани жорий этишдир. Ўз вақтида иқтисодиётини долларга “боғлаган” Аргентина кўпгина муаммоларга дуч келган. Ироқликларни бу каби муаммолардан озод этиш керак.

Бекер фикрича, агар Ироқда хорижий валюта, масалан АҚШ доллари жорий этилса, ҳукумат мустақил молиявий сиёсат олиб бора олмайди. Марказий банкка ҳам ҳожат қолмайди. Чунки одатда марказий банк фоиз ставкаларини белгилаб, бу билан мамлакатга ётқизилаётган хорижий сармоялар ҳажмини ҳам, асосий иқтисодий жараёнларни ҳам назорат қилади. Ироқда АҚШ доллари муомалага киритилса, фоиз ставкаларини Ню-Йоркда жойлашган Федерал Резерв Тизими, яъни АҚШ Марказий Банки ўрнатади.

Ироқ Марказий банки ролининг қандай бўлиши юзасидан турли фикрлар билдирилмоқда. Масалан, АҚШлик мутахассис Стив Ханке аксарият ривожланаётган мамлакатларда марказий банк фаолияти самарасиз бўлганини айтиб, Ироқда марказий банк жорий этишга ҳожат йўқлигини таъкидлайди. Германиялик таҳлилчи Вернер Бекер эса Ироқда анъанавий турдаги марказий банк тузилиши тарафдори. Мазкур тузилма, Бекер фикрича, банк секторини муовиқлаштириб, ширкатлараро муносабатларни назорат қилади.

Таҳлилчилар Ироқда амалга оширилиши кутилаётган молиявий ислоҳотлар устидаги баҳс-мунозараларини давом эттирар эканлар, Ироқ Бошқарув Кенгаши ислоҳотлар тезда ўтказилиши кераклигини таъкидламоқда. У, шунингдек, нефт секторидан бошқа барча соҳалар хорижий сармоялар учун очиқ бўлишини баён этди. Ироқ валютасига оид ислоҳотлар натижалари эса мамлакатга хорижий сармоялар ётқизилишига бевосита таъсир қилади.