Малайзияда ўтаëтган Ислом Конференцияси Ташкилоти саммитида қатнашаëтган мусулмон давлатлар раҳбарлари таъкидлашича, Малайзия Бош Вазири Маҳатҳир Муҳаммаднинг яҳудийлар ҳақида айтган гаплари нотўғри талқин қилинмоқда.

Кеча саммитда қилган чиқишида Маҳатҳир Муҳаммад “дунë сиëсатини яҳудийлар бошқармоқда ва иккинчи жаҳон урушида кўплаб яҳудийлар қирилиб кетганига қарамай улар энг кучли давлатларни назорат қилмоқда“, -деган эди
У шунингдек мусулмонлар яҳудийлардан сабоқ олишлари мумкинлигини таъкидлаган ҳамда Исроил агрессияси ва тахқиррлашларга қарши курашиш учун ўз онгларини ишлатишга чақирган эди.
Малайзия Бош вазирининг сўзларини АҚШ ва Европа Иттифоқи танқид остига олди.
Бу танқидлардан сўнг, Малайзия Ташқи Ишлар Вазири Саид Ҳамид Албар ўз раҳбарининг гаплари учун изоҳ беришга мажбур бўлди:

- Тушунмаяпман, ўзи танқидчилар Маҳатҳир жанобларининг қилган чиқиши матнларини ўқишганмикин ëки матннинг бир-икки жойига кўз ташлаб , ундан кейин талқин қилишганми? Бош вазирнинг қилган чиқиши , аксинча, жамоатчиликни зўравонликка қарши курашга чақириш ҳақида эди, – деди Саид Ҳамид Албар

Миср Ташқи Ишлар Вазири Аҳмад Моҳир эса: ” Маҳатҳир Муҳаммаднинг сўзлари мусулмонларни ўз ҳаëтларига бўлган муносабатини ўзгартиришга қаратилган эди. Аммо, қачонки Исроил танқид остига олинса, дарҳол у мамлакат ҳақида гапирганларни қоралайдиганлар пайдо бўлади”, - деди.