Бугун Бағдод марказида 5 та кучли портлаш юз берди. Улар натижасида камида 34 киши ҳалок бўлиб, 224 киши яраланди.

Портлашлардан бири Бағдоддаги Халқаро Қизил Ҳоч ваколатхонаси олдида юз берди. Ваколатхона биносига зарар етказилган.
Шунингдек, бугун эрталаб Бағдоддаги полиция участкаси олдида ҳам бир неча машина портлатилган.
Портлаш 4 полиция ходими ўлимига сабаб бўлди, АҚШ ҳарбийларидан 10 нафари яраланди.
Саноат Вазирлиги биноси олдида ҳам портлаш юз берган. Қурбонлар ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.
Кеча АҚШ ҳарбийлари яшайдиган Ар-рашид меҳмонхонасида ҳам портлаш рўй берган. Бу ҳодиса натижасида бир киши ҳалок бўлиб, 15 киши оғир яраланди.
Меҳмонхона ичида бўлган АҚШ Мудофаа Вазири ўринбосари Пол Вулфовецга ҳеч қандай зарар етмаган.
АҚШ Президенти Жорж Буш Ироқдаги зўравонликлар юз бераëтганига қарамай, АҚШ ўз сиëсатини ўзгартирмаслигини билдирди:
- Эришган ижодий жараëнларни тўхтатиш учун одамларни ўлдиришгача бораëтган террорчилар кўп. Биз қанчалик муваффақиятли ҳаракат қилсак, террорчилар шунча кўп бизнинг ишимизга жавоб беради. Бизнинг вазифамиз уларни жавобгарликка тортиш, - деди АҚШ Президенти.
Халқаро Қизил Хоч ходимаси Антонелла Нотари эса Бағдоддаги идорасига уюштирилган ҳужум ташкилотнинг Ироқдаги фаолиятини тўхтата олмаслигини баëн қилди:
- Биз Ироқда қолиш ниятимиздан қайтмаймиз. Ироқликлар Халқаро Қизил Хоч ëрдамига муҳтож. Биз ушбу мамлакатда 1980 йилдан буëн фаолият юритиб келамиз ва бунданда оғир аҳволларда ҳам мамлакатни тарк этмаганмиз. Ироқ халқи бизнинг иштирокимизни хохлайди, - деди ташкилот вакиласи.