Бугун Ироқ Бошқарув Кенгаши, АҚШ етакчилигидаги амалиётлар келаси йил июн ойида Муваққат ҳукумат тузилганидан кейин ниҳоясига етиши мумкинлигини билдирди.

АҚШнинг Ироқдаги Бош маъмури Пол Бремер ва Ироқ Бошқарув Кенгаши аъзолари ўртасида учрашув бўлиб ўтганидан кейин шу ҳақда эълон қилинди.
Кенгаш аъзоси Аҳмад Чалаби: “Мазкур ўтиш даври кенгаши аъзолари танлаб олинганидан кейин 2004 йил июн ойи охирига қадар Ироқнинг янги Ўтиш даври ҳукуматини сайлайди. Мазкур ҳукумат тўлиқ суверенитетга ва сиёсий ҳокимиятга эга бўлади ҳамда уни халқаро ҳамжамият тан олади”, - деди.
Кенгашнинг ҳозирги Президенти Жалол Талабани, ўтиш даври маъмурияти аъзолари Ироқдаги барча жамоалар билан маслаҳатлашилганидан кейин танланишини маълум қилди.