АҚШ ҳарбийлари Афғонистондаги жангариларга қарши ҳар қачонгидан кўра йирик ва шиддатли амалиëт бошланганини маълум қилди.

АҚШ ҳарбийлари вакили Брайн Хилфертининг таъкидлашича, “Кўчиш амалиëти”, деб номланган операцияга икки мингга яқин ҳарбий жалб этилган. Амалиëт ўтказилишидан мақсад – “Толибон” ва “Ал-Қайда”га аъзо кучларни қўлга олишдан иборат.
БМТ АҚШ ҳарбийларини уларга тегишли самолëтдан Афғонистон жанубида террорчиларга қарши амалга оширган ҳаво ҳужуми оқибатида 9 бола ҳам янглиш равишда ўлдирилгани юзасидан текширув ўтказишга чақирди.
Воқеа шанба куни Ғазни вилоятининг Хутала қишлоғида рўй берди.
АҚШ ҳарбийлари разведка маълумотларига таянган ҳолда ҳужум уюштирилгани ва “Толибон” ҳаракатининг етакчиларидан бири Мулла Вазир ўлдирилганини маълум қилди.
АҚШнинг Афғонистондаги элчиси Залмай Халилзод эса, бегуноҳ одамлар ҳаëтини олиб кетган мазкур воқеадан тушгунликка тушганини маълум қилди:
- 9 бола ҳаëтини олиб кетган бу аянчли воқеа биз учун жуда оғир хабар бўлди. Мазкур воқеадан мен жуда хафаман. Мен ҳалок бўлганлар оиласига ўз таъзиямни билдираман ва ўз фарзандларини йўқотган оилалар ичидан қандай ҳиссиëтлар кечаëтганини яхши тушуниб турибман, - деди Халилзод.
Халилзод бу ҳодиса юзасидан Афғонистон Президенти Карзай билан учрашди. Карзай АҚШ ҳарбийларини хатоларга йўл қўймасликка ва ҳарбий амалиëтларини синчковлик билан ўтказишга чақирган.

“Ассошиэйтд Пресс” ахборот агентлигининг маҳаллий одамлар гапларига таяниб ëзишича, Мулла Вазир ҳужумлар бошланишидан бир ҳафта олдин Хутала қишлоғини тарк этган.