Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий оммавий қирғин қуролларига эга эмаслигини исботлаш учун мамлакатига халқаро инспекторларнинг келишини кутаëтганини билдирди.

Яқинда Ливия ҳукумати оммавий қирғин қуролларини яратиш дастурларидан воз кечишини эълон қилди. Расмий Триполи шунингдек, мамлакатдаги ядровий иншоотларда текширув ўтказиш ҳақида БМТнинг Атом Энергияси Агентлиги билан протокол имзолашга тайëр эканини маълум қилди.
Қаддафий оммавий қирғин қуролларини яратишга уринаëтганликда шубҳа этилаëтган бошқа давлатларни ҳам Ливиядан ўрнак олишга чақирди.
БМТнинг Атом Энергияси Агентлиги бошлиғи Муҳаммад Эл-Барадейга кўра, халқаро инспекторлар келаси ҳафтада Ливияга боришлари мумкин.