Бугун эрталаб Қизил денгизга Мисрга қарашли Боинг-737 учоғи қулаб тушди. Учоқда, экипаж аъзоларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, ҳаммаси бўлиб 148 киши бўлган.

Йўловчиларнинг кўпчилиги Шарм-аш-Шайх курортидан уйларига қайтаётган франциялик сайёҳлар эди.
Миср Авиация вазирлиги хабарига қараганда, бирон киши ҳам тирик қолмаган.
Учоқ, ҳавога кўтарилганидан кейин бир неча дақиқа ўтибоқ, аэропорт радарларида сезилмай қолган. Ҳалокат сабаблари ҳозирча аниқ эмас.
Энг сўнгги маълумотларга қараганда, ҳозирча учоқнинг бир парчаси ва битта жасад топилган.
Франция ҳукумати вакили Доминик Бюссоро воқеа юзасидан мана бу гапни айтди:
- Мисрнинг "Флэш эйр" хусусий авиакомпаниясига қарашли авиалайнер, бугун эрталаб Шарм-аш-Шайх шаҳридан Парижга қараб учишни бошлаганидан бир неча дақиқа ўтгач, радарлардан йўқолиб қолди. Учоқда 135 йўловчи ва экипажнинг 13 аъзоси бор эди. Миср маъмурларидан олинган маълумотларга кўра, муаммо учоқ ердан кўтарилаётган пайтдаёқ пайдо бўлган. Экипаж қайтишга қарор қилган, бироқ ортга қайтиш учун бурилаётган пайтда денгизга қулаган.