Грузия президенти этиб сайланган Михаил Саакашвили мамлакатда коррупцияга қарши курашиш ўзининг асосий вазифаларидан бири бўлишини қайд этди:

“Биз расмий амалдорлар орасидаги коррупцияга қарши жиддий курашиш учун янги қонунлар қабул қилишимиз керак”, - деди Саакашвили. Унга кўра, ҳокимиятдан четлаштирилган Эдуард Шеварднадзенинг яқинлари ҳам коррупцияга қарши курашувчи маъмурлар томонидан сўроқ қилинади.
Айни пайтда, АҚШ маъмурияти Грузиянинг қарзини камайтириш учун ëрдам беришини маълум қилди. Аммо Америка расмийлари Грузиянинг янги раҳбарияти бунинг учун аввал ислоҳотлар борасида Халқаро Валюта Жамғармаси томонидан тавсия этиладиган дастурни қабул қилиши кераклигини билдирдилар.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Грузия қарзи тахминан 1 миллиард 750 миллион долларни ташкил қилади.