Бугун Ироқда Оятулло Али Ал-Систоний умумхалқ сайловлари ўтказиш талаби билан чиқаётган ироқликларни норозилик намойишларини вақтинча тўхтатишга чақирди.

Карбало шаҳридаги жума намози давомида Ал-Систоний БМТ Ироққа ўз гуруҳини юбориш-юбормаслик масаласида бир қарорга келмагунича, намойишлар ўтказилмаслиги кераклигини айтди.
Ал-Систоний АҚШнинг май ойида маҳаллий қурултойлар орқали муваққат ҳукуматни танлаш режасини рад этиб, умумхалқ сайловлар ўтказишни талаб қилаётган эди.
Айни вақтда Ироқ Бошқарув Кенгаши аъзоларидан бири Аҳмад Чалабий бугун Вашингтонда чиқиш қилиб, Ироқда 30 июнга қадар умумхалқ сайловлари ўтказишни таклиф қилди.
Унинг фикрича, АҚШ далилларига қарамай, Ироқда умумхалқ сайловлари ўтказиш учун тегишли шароитлар мавжуд. Шундай дер экан Ироқ Миллий Конгресси, деб номланган гуруҳ раҳбари Аҳмад Чалабий, давлат раҳбари лавозими учун сайловларда ўз номзодини қўймаслигини билдирди.