Македония Президенти самолёт ҳалокатида нобуд бўлди.

Македония Президенти Борис Трайковский 26 феврал куни эрталаб самолёт ҳалокати оқибатида нобуд бўлди. Мазкур фалокат туфайли Македонияда мотам куни бошланди.
ҲБ: Македония Президенти Борис Трайковскийнинг пайшанба куни эрталаб самолёт ҳалокати оқибатида нобуд бўлгани билан боғлиқ воқеаларни ҳамкасбимиз Ҳасанжон кузатиб келаяпти.
Ҳасанжон, дастлаб Македония Президенти Борис Трайковский самолёти ҳалокатига оид сўнгги тафсилотларга тўхталсак.

Ҳ: Президент Трайковский ва ҳукуматнинг яна саккиз расмийси учиб кетаётган самолёт 26 феврал куни эрталаб Босниянинг Сараево шаҳридан тахминан 80 километр жанубда қуюқ туман шароитида ҳалокатга учради. Ахборот агентликлари хабарларига қараганда, Македония ҳукуматига қарашли кичик самолёт тоғли минтақада ерга қулаган. Босния Ички Ишлар вазирлиги самолёт бортидагиларнинг барчаси нобуд бўлганини билдирди. Трайковский бошчилигидаги делегация ҳалқаро анжуманда қатнашиш учун Мостар шаҳрига учиб кетаётган бўлган.

ҲБ: Ҳасанжон, шу ўринда Борис Трайковский шахсияти, сиёсий фаолияти ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

Ҳ: Борис Трайковский 1956 йилда Струмицада туғилган. Скопедаги Университетда билим олган. Трайковский ўқиш учун АҚШга бир неча марта борган. Борис Трайковский собиқ Югославия республикаси ҳисобланган Македонияга 1999 йилда Президент этиб сайланган. Унинг Президентлик муддати Македония сиёсий ҳаётидаги ниҳоятда мураккаб давр, яъни, славян тилида сўзлашувчи македонияликлар ва албанлар ўртасида миллатлараро муносабатлар ниҳоятда кескинлашган пайтга тўғри келди.

Борис Трайковский 2001 йилда албанлар билан келишувга эришиб, фуқаролар урушининг олдини олишга муваффақ бўлганидан кейин халқаро ҳамжамият олқишини қозонди. Ғарб давлатлари Трайковскийга ўз мамлакатини Европа Иттифоқига қўшиш учун ҳаракат қилаётган мўътадил сиёсатчи сифатида қарар эдилар.

ҲБ: Ғарб давлатларини тилга олдингиз.
Македония Президенти Трайковскийнинг самолёт ҳалокатида нобуд бўлганига Ғарб давлатлари, қолаверса халқаро ҳамжамият қандай муносабат билдирмоқда?

Ҳ: Европа Иттифоқининг Ташқи Сиёсати мутасаддиси Хавиер Солана биринчилардан бўлиб ўз таъзиясини изҳор қилди:
“Президент ажойиб, шижоатли инсон эди. У ўз мамлакатини нафақат ислоҳотлар, балки Европа Иттифоқига ҳам имкон қадар яқинлаштирди”, - деди Хавиер Солана.

Хорватия Президенти Стипе Месич эса, Македония Президенти Борис Трайковскийнинг вафоти бутун минтақа учун йўқотиш эканини таъкидлади:
“Трайковский ва бошқа Президентлар билан бирга биз жануби-шарқий Европани барқарорлаштириш ва яраштириш дастурини ишлаб чиқдик. Борис бугун Мостарда бизнинг сафимизда йўқ. Аммо биз Борис Трайковский қўллаб-қувватлаган ишларни бажаришни давом эттирамиз”, - деди Хорватия Президенти Стипе Месич.

ҲБ: Ҳасанжон, Борис Трайковскийнинг вафоти муносабати билан Македонияда қандай чора-тадбирларқўлланмоқда? Ҳар қалай, Президент тўсатдан ҳалок бўлди.

Ҳ: Президент кетаётган самолёт ҳалокатга учрагани хабар қилинганидан кейин Македония Мудофаа Вазирлиги мамлакат чегаралари, давлат ва армиянинг муҳим идоралари хавфсизлигини кучайтирди.

Парламент раиси Любко Йордановский, 40 кун ичида сайловлар ўтказилгунига қадар Македония Президенти вазифасини вақтинча бажаради.

ҲБ: Раҳмат Ҳасанжон.
Бу Македония Президенти Борис Трайковский 26 феврал куни самолёт ҳалокати оқибатида нобуд бўлганига оид маълумотлар эди.