Фаластинга қарашли Ғазо секторида “Ҳамас” ташкилотининг ма’навий раҳбари шайх Аҳмад Яссин ўлдирилди.

У мачитдан чиқиб кетаётган пайтда Исроил вертолётлари ракета ҳужуми уюштирган.
Хабарларда яна уч кишининг ҳалок бўлганлиги айтилмоқда. Исроил томони бу ҳужум ўтган ҳафтада содир этилган навбатдаги террор ҳаракатга жавоб эканини баён қилди. Исроил ҳукумати вакили Ави Пазнер шундай деди:
Исроил минтақадаги тинчликка ва барқарорликка хавф солиб турган жиддий бир шахсни бартараф қилди. Шайх Яссин юзлаб ва юзлаб исроилликлар ўлими учун шахсий жавобгар эди. Ҳақиқат ғалаба қозонди.
Бугун ўн минглаб фаластинликлар норозилик намойишларида иштирок этмоқда. “Ҳамас” ўз раҳнамоси учун қасос олишини айтяпти.
Фаластин мухторияти Бош Вазири Аҳмад Қурей Исроил томонининг бу ҳаракатини “жуда хавфли” ҳаракат деб атади.
Исроил армияси Фаластин ҳудудларини қуршаб олди.



Буюк Британия Ташқи Ишлар Вазири Жек Стро “Хамас” ташкилоти ма’навий раҳбари Аҳмад Яссин ўлдирилишини қоралади.
АҚШ Давлат Департаменти исроил ва фаластин зиддияти томонларини сабр--тоқатли бўлишга да’ват этди. Шундай да’ватлар билан Австралия ва Япония ҳам чиқди.