АҚШ кучлари қўмондонлиги Фаллужа шаҳридаги исёнчиларга ўт очишни тўхтатишни таклиф қилди

Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари матбуот вакили генерал Марк Киммит Америка қўшинлари ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқини сақлаб қолишини билдирди:
”Бу чора Фаллужадаги душман гуруҳлар ҳам ўт очишни тўхтатишга риоя қилиши умидида кўрилмоқда. Ўт очиш тўхтатилишига қарамасдан, коалиция кучлари ҳар доим ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади“ - деди генерал Киммит.
Ироқ Бошқарув Кенгашининг икки аъзоси АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларига қарши қуролли кураш олиб бораётган исёнчилар билан музокара олиб бориш учун бугун Фаллужа шаҳрига келдилар.
Бугун Бағдоднинг суннийлар яшайдиган шимоли-ғарбий туманида жанггарилар ва АҚШ кучлари ўртасида тўқнашув бўлгани хабар қилинди. Айни пайтда, Бағдоддан 40 км шимолда жойлашган Бақуба шаҳрида шанбага ўтар кечаси юз берган отишмаларда 40 нафар ироқлик ўлдирилган. АҚШ ҳарбийларига кўра, Мосул шаҳри яқинида юз берган отишмаларда ҳам 12 одам ўлдирилган.