Бағдоддаги вақтинчалик ҳибда ушлаш биносига миномёт снарядлари тушиб портлагани оқибатида ҳибсдагилардан 21 одам нобуд бўлди ва яна 100 нафари жароҳатланди.

Бугун АҚШ ҳарбийлари матбуот вакили генерал Марк Киммит ҳибсхонага 18та снаряд тушиб портлаганини маълум қилди. У бу ҳақда қўшимча маълумот бермади.
Вашингтонда АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэл Гондурас Испанияга қўшилиб, ўз қўшинларини Ироқдан олиб чиқишга қарор қилганидан афсусланиш билдирди.
“Мен Испания ва Гондурас шундай қарор қабул қилганидан афсусланаман. Бироқ ушбу суверен давлатлар ўз сиёсий талаблари ва шароитдан келиб чиққан ҳолда вазиятни қайта кўриб чиқишлари керак”, - деди АҚШ Давлат Котиби.
Бугун Руминия ва Болгария Ироқдаги ўз қушинлари коалиция кучлари таркибида қолишини яна бир бор таъкидлади.