Фаластин лидери Ясир Арафат ўз ҳаётига қарши қилинган таҳдидни рад этди.

Россия ва АҚШ ҳукуматлари ҳам Исроил ҳукуматини Фаластин раҳбарига зиён етказмаслик ҳақида огоҳлантирди.
Бугун ғарбий соҳилда жойлашган Рамаллоҳдаги Бош қароргоҳида минглаб тарафдорлари олдида чиқиш қилган Арафат Исроил ўзига зиён етказа олмаслигини ва мусулмон сифатида шаҳидликка тайёр эканини айтди.
Кеча Исроил Бош вазири Ариел Шарон Арафатга зиён етказмаслик ҳақида берган ваъдасининг устидан чиқа олмаслигини АҚШ Президенти Жорж Бушга айтганини маълум қилган эди. АҚШ расмийлари бунга қарши эканликларини билдирганлар.
Бугун Россия Ташқи Ишлар вазирлиги Шароннинг таҳдиди ташвиш уйғотганини билдириб, Исроил ҳукуматини халқаро қонунларга риоя қилишга чақирди.
Бугун Араб Лигаси раҳбари Амр Муса Ариел Шароннинг Арафат ҳаётига қилган таҳдидини қоралади. Қоҳирада сўзлаган Муса Исроилнинг Арафатга қарши бундай таҳдиди хатарли эканини таъкидлади.
Бугун ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрида Исроил аскарлари уч фаластинликни отиб ўлдирди. Аскарлар иддаосига кўра, улар ҳудкуш ҳужум уюштирмоқчи бўлганлар.