Американинг яна бир ҳарбийси Ироқдаги маҳбусларни қийноққа солишда айбдор, деб эълон қилинди.

Линди Ингланд исмли бу аскар маҳбуслар билан қўпол муносабатда бўлганликда, бошқа ҳарбийлари билан жиноий тил бириктирганликда ва ҳарбий кучларни дискредитация қилганликда айбланмоқда. Яланғоч маҳбусга ишора қилган ҳолда кулиб турган Ингланд суратлари бутун дунёга тарқалган.
Америка-Британия муваққат маьмурияти раҳбари Пол Бремер ушбу можаролар юзасидан шундай деди:
“Менга бу ҳақда менга январ ойининг 12 ёки 13 санасида хабар беришганди. Эртаси куниёқ биз текширувни бошладик ва бу текширувлар бир неча ой давом этди. Бир ҳовуч одамнинг қилмишини, деб Ироқдаги барча Америка аскарларини қоралаш тўғри эмас”, - деди Пол Бремер.
Ироқ қамоқхоналарини бошқараётган Америка генерали Жофри Миллер эса бу хусусда шундай деди:
“Бағдоддаги Абу Ғариб қамоқхонаси бизнинг тасарруфимизда қолади. Аксариятингизга маьлумки, у ерда маҳбуслар сонини 1 ярим 2 мингтага қадар қисқартишга қарор қилинган. Биз эндиликда шу йўналишда ҳаракат қилиш мақсадидамиз. Айни вақтда ходимларимиз Абу Ғариб қамоқхонасидаги маҳбусларни сўроқ қилишни давом эттиришади”, - деди генерал Миллер.
Кеча — АҚШ Конгресси аьзолари саволларига жавоб берар экан, АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Ироқ маҳбусларининг қийноққа солинишига оид Америка ҳарбийларининг барча айбларини ўз бўйнига олди ва кечирим сўради.
“Сўнгги кунларда Абу Ғарийбда бўлиб ўтган ҳодисаларга жавобгарликни ким бўйнига олиши тўғрисида кўп мунозаралар бўлди. Бу ҳодисалар мен раҳбарлик қилаётган вақтда содиро бўлди. Мудофаа вазири сифатида мен уларга жавобгарман ва улар учун ҳамма жавобгарликни бўйнимга оламан”, - деди АҚШ Мудофаа вазири.