Европа Комиссияси Афғонистондаги халқаро қуролли кучлар ҳаракатларидан норозилик билдирди.

Мамлакатдаги ҳарбийлар, айниқса, Афғонистон жанубида фуқаролик кийимида ҳарбий операциялар ўтказаётганлиги ва «Ал-Қайда» гуруҳи ҳақидаги ахборот учун моддий ёрдам ва’да қилинган варақалар тарқатаётганлиги Еврокомиссия норозилигига сабаб бўлмоқда.
Бу борада Еврокомиссия вакили Жан-Шарл Эллерман-Кингомбе шундай деди:
«Бизнингча, мана шунақа ҳаракатлар туфайли фуқаро ва ҳарбий ходимлар ўртасидаги фарқни англаш қийин вазиятлар юзага келиши мумкин. Бу эса тўла нейтрал принципда фаолият юритадиган гуманитар ташкилотлар мавқеига путур етказади. Бундан ташқари, ҳарбийларнинг бу ҳаракатлари асл муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатиш ишларини юритишимизда халақит беради», - деди Еврокомиссия вакили.