Қозоғистон Ташқи Ишлар вазири Қосимжўмарт Тўқаев Қозоғистон фуқаросининг ўзбек чегарачилари томонидан яқинда отиб ўлдирилгани Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларига таъсир этмаслигини билдирди.

Тўқаев жума куни Ню Йоркда Озодлик радиосига берган интервюсида 1 июн куни юз берган мазкур воқеа юзасидан Ўзбекистон томони тегишли чоралар кўраётганидан қониқиш ҳосил қилганини билдирди. У сўзига қўшимча қилиб, фуқаролар чегарадан ўтиш тартибини яхши билишлари учун икки республиканинг маҳаллий ҳокимиятлари кўпроқ иш олиб бориши кераклигини таъкидлади:
“Бу воқеа бизни чуқур ташвишга солди. Чунки одам нобуд бўлди. Афсуски, бу биринчи воқеа эмас. Икки мамлакат худудларида яшаб келган аҳоли ҳеч қачон юридик расмийлаштирилган чегарани кўрмаган. Улар икки мамлакат ўртасида давлат чегараси борлигига ўрганмаганлар. Улар чегарани эркин кесиб ўтишга ўрганганлар. Сўнгги воқеа шу билан боғлиқ”, - деди Қозоғистон Ташқи Ишлар вазири Қосимжўмарт Тўқаев.