Исроилда Ғазо минтақасидан Исроил қўшинлари ва яҳудий аҳолини олиб чиқиш тўғрисидаги режага турлича муносабат билдирилмоқда.

Жумладан, Қурилиш вазири Эфраим Этхам фикрича, бу Исроил тарихидаги энг мудҳиш воқеа.
«Бу бугунги Исроил тарихидаги энг қора кунлардан бири. Бу Исроил ҳукумати томонидан шу вақтгача қабул қилинган энг даҳшатли қарор. Бу қарорнинг мазмуни шуки, минглаб яҳудийлар ўз уйларини тарк этадилар, Фаластиннинг «Хамас», «Ҳизбуллоҳ» ва «Ислом Жиҳоди» каби гуруҳлари эса бегуноҳ яҳудийлар ватанида мустақил давлат тиклайдилар», — деди Исроил Қурилиш вазири.
Фаластин мухторияти Бош Вазири Аҳмад Қурей эса бу қарорга шундай муносабат билдирди:
«Биз Фаластин ҳудудидаги Исроил қўшинлари ва аҳолисининг олиб чиқилишига доир ҳар қандай режани қўллаб-қувватлаймиз. Исроил босиб олган ерларини тарк этиши керак. Агар бу бир томонлама тартибда амалга оширилса, биз қарши эмасмиз. Агар бу келишувга асосан амалга оширилса, биз қарши эмасмиз», — деди Фаластин мухторияти Бош Вазири.