Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳри яқинида 11 нафар Хитой фуқароси ўлдирилди, 6 нафари жароҳатланди.

«Синхуа» Хитой ахборот агентилигининг хабар қилишича, хитойлик қурувчилар иш олиб бораётган қурилиш майдонига қуролланган одамлар бостириб кириб, ўқ узганлар. Хитойликлар инсонпарварлик ёрдами лойиҳаси доирасида Афғонистонда қурилиш олиб бораётган эди.
Хитой ташқи Ишлар вазрилигининг хабар қилишича, давлат раҳбари Ху Цзин Тао Афғонистон ҳукумати ва БМТ вакилларини текширув ўтказиш ва айбдорларни жазолашга чақирди.
Ҳодиса туфайли БМТ миссияси Кундуз шаҳридаги вакиллари сайловчиларни рўйҳатга олишни тўхтатди. БМТнинг Афғонистондаги вакили Мануэл ди Алмейда э Силва ташкилот Бош котибининг махсус вакили Жан Арнонинг бу борадаги нуқтаи-назарини шундай билдирди:
«Жаноб Арно бу фалокат мамлакатдаги инсонпарварлик ташкилотлар ва сайлов тизими ходимларига уюштирилган бир қатор ҳужумларнинг навбатдагиси эканлигини чуқур таассуф билан эьтироф этди», - деди БМТнинг Афғонистондаги вакили.