Олий суд веб-сайт очди

Дилнаво Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз веб-сайтига (www.supcourt.gov.uz) эга бўлди. Ўзбек ва рус тилларида хизмат кўрсатаётган веб-сайт Олий суднинг қонунларни мужассамлаштириш ва тизимга солиш бўлими, матбуот хизмати ва “Ахборотнома” нашри таҳририяти томонидан Америка юристлар уюшмаси билан ҳамкорликда яратилган.
Олий суд матбуот котиби Олимжон Ўсаровнинг таъкидлашича, эндиликда веб-сайт орқали мамлакатда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, Олий суд, умумюрисдикция судлари фаолияти ҳақида тезкор, янги ва ишончли маълумотлар олиш мумкин.

Олий суднинг виртуал саҳифасида “Янгиликлар”, “Олий суд тарихи”, “Ўзбекистон Республикасида суд тарихи”, “Қонунчилик”, “Юридик клиника”, “Таклиф ва мулоҳазалар” каби бўлимлар мавжуд.

О.Ўсаровнинг билдиришича, “Янгиликлар” бўлимида судловни амалга ошириш билан боғлиқ Олий суд ва умумюрисдикция судлари фаолиятидаги янгиликлар ўрин олади. “Қонунчилик”да эса суд-ҳуқуқ ислоҳотларига бағишланган барча ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар жойлаштирилган. “Юридик клиника” бўлими фуқаролар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш мақсадида очилган, бироқ ҳали тўлиқ ишга тушмаган.

О.Ўсаровнинг айтишича, муайян суд жараёни ҳақидаги маълумотлар суд ҳукми чиқарилган кейингина сайтда ёритилиши мумкин. Олий суд раиси номига йўлланаётган мактубларни сайтда жойлаштириш масаласи ҳозирча очиқ турибди.