Бугун Бағдод шаҳри марказида минлаштирилган автомобил портлаши оқибатида 7 нафар хорижлик ишчи қурбон бўлди.

Бу ҳақда Ироқ ўтиш даври ҳукумати Бош Вазири Оят Алавий маьлум қилди. Оят Алавий қурбон бўлган ишчиларнинг фуқаролиги ҳақида маьлумот бермади. Бироқ, мамлакат Ички Ишлар вазирлиги расмийсининг «Ассошиэйтед пресс» агентлигига айтишича, улар француз ишчилари бўлган.
Мина ўрнатилган машина, бугун тонгда, Бағдод шаҳри марказидаги автомобил колоннаси ёнида портлатилди. Портлаш оқибатида бир неча автомобил ва воқеа жойига яқин бинолар ҳам вайрон бўлди. Ахборот агентликлари қурбон бўлганларнинг умумий сони 12 нафарга яқин ва уларнинг айримлари вайрон бўлган бинолар остида қолиб, қурбон бўлган, деб хабар қилмоқдалар.
Ироқнинг янги Президенти Ғози ал-Явер зўравонлик ҳаракатлари ҳамон тўхтатилмаётгани боис, мамлакат «даҳшатли давр»ни бошидан кечираяпти, деб билдирди.
Вашингтондаги бир неча телеканалларга интервю берар экан, Президент Ғози ал-Явер Ироқ ҳукумати мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш учун бор имкониятини ишга солаётганини айтди. Шунингдек, кеча Бағдодда Ироқ Таьлим вазирлигининг масьул ходими Камол ал-Жаррох ва бир Америка ҳарбийси отиб ўлдирилди.