Чоршанба куни Пекинда Шимолий Корея ядровий дастури борасида кўп томонлама музокараларнинг навбатдаги босқичи бошланади.

Музокараларнинг аввалги икки босқичида кутилган натижаларга эришилмаган. АҚШ делегациясини бошқараётган Жеймс Келли бу гал ҳам масаланинг тўла ҳал этилишига кўзи етмаётганини билдирди. АҚШ ҳукумати ҳануз Шимолий Корея ўз ядровий дастурини бутунлай тўхтатиши керак, деган фикрда.
Хитой ва Жанубий Кореянинг АҚШ томони бу борадаги позициясини бироз юмшатиш лозим, деган таклифига жавобан АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл шундай деди:
«Биз музокараларнинг бу босқичини худди аввалгиси каби бошлаймиз — ўз позициямизнинг муросали эканини маьлум қилиш ва муаммони барқарорлаштиришга уриниш билан», — деди АҚШ Давлат Котиби.
Пхенян томони ядровий дастурни бекор қилиш эвазига хавфсизлик ва сезиларли даражада иқтисодий ёрдам кафолатларини сўрамоқда.
Бугун Пекинда айни муаммога бағишланган музокаларнинг навбатдаги қисми олдидан дастлабки маслаҳатлашувлар бўлиб ўтмоқда. Бунда икки Корея давлатлари билан бир вақтда АҚШ, Япония, Хитой ва Россия давлатлари иштирок этмоқда.